1 ИЮН — ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ ПАРВОЗГА ШАЙ ЛОЧИНЛАР

Фарзандларимиз қалбига гўзал ва сермазмун қўшиқлар орқали эзгулик ғоялари сингдириб борилса, уларнинг маънан баркамол бўлиб улғайишига мустаҳкам замин яратилади. Ўз ижод намуналари билан болаликнинг сирли оламига йўл топадиган шоир ва бастакорларни ҳар томонлама рағбатлантириб бориш бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар, Бастакорлар уюшмалари, Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида болалар қўшиқлари, шеърлар ва куйларини яратиш бўйича республика ижодий танлови ташкил этилган эди. Танловнинг ҳудудий босқичлари кўтаринки руҳда ўтказилиб, уларда кўплаб бастакор, шоир, болалар ижодий жамоалари, мусиқа ва санъат мактабларининг ёш иқтидор соҳиблари иштирок этди. Она Ватан, истиқбол, бахтиёр болалик, миллатлар ўртасидаги дўстликни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар орасидан энг саралари республика босқичида танлаб олинди.

ЎзКУФК Ўқув марказида танловнинг республика бос­қичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева ғолибларни қутлаб, жумладан, шундай деди:

— Болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирларини янада кучайтириш ва бу борадаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида 2012 йилда “Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси” тасдиқланган эди. Бугунги кунда мазкур Концепция талаблари асосида оромгоҳларда болаларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш йўналишида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

IMG_0332

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оромгоҳлар фаолиятини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилган таҳлиллар натижасида ёзги ­соғ­лом­лаштириш оромгоҳлари учун янги болалар қўшиқлари, шеър ва мусиқаларга эҳтиёж мавжуд эканлиги аниқланди. Шу мақсадда ташкил этилган ушбу танловга 605 та ижод намунаси тақдим этилди. Улар малакали мусиқа мутахассислари, ­бастакор, ёзувчилардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганилиб, шулардан 106 таси республика ­босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Турли йўналишлардаги ушбу ижодий ишлар бир-биридан мукаммал бўлиб, профессионал даражада ишланганлиги эътиборли. Албатта, бу шеър ва қўшиқлар келгусида болаларимиз тарбиясига, уларнинг маънавий дунёсини бойитишга, Ватанга бўлган меҳрини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилади. Танлаш жараёнида ҳайъат вакиллари учун ғолибларни аниқлаш анчагина қийин кечди. Чунки барча ишлар яхши эди. Шунинг учун республика ташкилий қўмитаси аъзоларининг таклифига асосан 2 та, яъни “Сараланган қўшиқлар” ҳамда “Фаол иштироки учун” номинациялари қўшимча равишда киритилди.

Танловда 1-, 2-, 3-ўринлар бўйича ғолиблар аниқланди.

“Энг яхши болалар оромгоҳи мадҳияси” номинациясида “Оромгоҳ” қўшиғи (Иқбол Мирзо шеъри, Ойдин Абдуллаева мусиқаси), “Энг яхши марш қўшиғи” номинациясида “Оромгоҳ марши” (Заҳро Ҳасанова шеъри, Хуршида Ҳасанова мусиқаси), “Энг яхши ҳисоб(саноқ) шеъри” номинациясида “Юрт эртасимиз” шеъри (шоир Азизбек Анвар), “Қўшиқ учун яратилган энг яхши шеър” номинациясида “Оромгоҳ мадҳияси” шеъри (шоир Дилшод Ражаб), “Энг яхши қўшиқ ижрочилиги” номинациясида “Севинч” болалар ижодий гуруҳи биринчи ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, “Сараланган қўшиқлар” ҳамда “Фаол иштироки учун” номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланди.

— Болажонлар — юртимиз эртаси, — дейди «Энг яхши ҳисоб(саноқ) шеъри» йўналиши ғолиби, шоир Азизбек Анвар. — Уларга дадил қадам ташлашни ўргатсак, келажакда асло қоқилмайди. Қоқилса-да йиқилмайди. Қаддини ғоз тутади. Қанотини кенг ёзиб, парвозга шай турган лочинлар каби бу ҳаётнинг турфа синовларини назар-писанд қилмай мақсад сари интилади. Бахтиёр болаларимиз кўзларида ҳамиша ўт чақнайди.

Сафимизда кимлар бор?!

Ўғиллар — лочин, шунқор,

Қизлар — тоза юракли,

Бизлар толмас билакли,

Шу Ватанга керакли! — дея баралла куйлаётган келажагимиз эгалари нигоҳидаги учқун бизга илҳом беради.

— Болаликни эслаганда нафақат ижодкорлар, ҳар қандай одам ҳам бир энтикиб қўяди. Шундай лаҳзаларда яна бир ижод намунаси дунё­га келади, — дейди ­бастакор Ойдин Абдуллаева. — Биз яратган қўшиқлар фарзандларимизнинг кўнглига бахтиёрлик туйғусини ­солиб, уларнинг келажакда комил инсонлар бўлиб етишига озгина ҳисса бўлиб қўшилса, бу ёруғ оламда мендан бахтиёр киши топилмаса керак.

Эътироф этилган шеър ва қўшиқлар тўплами диск шаклида республикамизда фаолият юритаётган барча шаҳардан ташқари ва кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳларига бепул тарқатилади.

Барча номинациялар бўйича ғолибларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­си Кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Ишончимиз комилки, республика ижодий танлови туҳфа этган ижод намуналари ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида маза қилиб дам оладиган болажонларимиз дилида завқли онлар туҳфаси сифатида муҳрланиб қолади.

 

Both comments and pings are currently closed.

Comments are closed.