Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшларга оид сиёсати Концепцияси

Ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсадидан келиб чиққан ҳолда, ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши,  ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратишда касаба уюшмаларининг иштирокини кенгайтириш мақсадида ёшлар сиёсати концепцияси ишлаб чиқилди.

Барча мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатлари ва ишлаб чиқаришнинг кескин қисқариши, корхоналар касодга учраши натижасида ишсизлик кўпайиши, одамларнинг даромади ва турмуш даражаси пасайиши ёшларга ҳам салбий таъсир этмасдан қолмади. Умумий муаммолар билан бирга ёшларнинг муаммолари аниқ кўзга ташлана бошлади. Бунга, ишга жойлашиш ва дастлабки иш жойига эга бўлишдаги қийинчиликлар, ишсизлик даражаси, оила қуриш ва рўзғор тебратиш ҳамда тўлақонли маданий ривожланишнинг қийинлашуви киради.

Шу ва бошқа муаммолар туфайли ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, фоҳишабозлик сингари турли хавфли иллатлар кўпайиб, ҳалол меҳнатнинг нуфузи пасайиб бормоқда.

Касаба уюшма ташкилотларининг барчаси ҳам ёшлар билан тизимли, бир мақсадга йўналтирилган иш олиб бораяпти деб бўлмайди. Бу ўз навбатида касаба уюшмалари атрофига янги аъзолар келиб қўшилишини сусайишига, касаба уюшма фаолларини тайёрлаш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши муқаррар. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қўйида берилаётган ёшларга оид сиёсати концепцияси ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

  1. Умумий қоидалар

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги  қонунлари, халқаро Конвенциялар ва стандартлар, халқаро шартномалар, шунингдек Федерациянинг дастурий ҳужжатлари ва Устави талабларига мувофиқ олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларда белгиланган вазифаларни бажарилишига эришиш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Жумладан:

Халқаро меҳнат ташкилотининг 103-Конвенцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда миллий қонунчилик ҳужжатларида оналикни муҳофаза қилиш бўйича тегишли шарт-шароитлар белгиланган. Корхоналарда имзоланадиган жамоа шартномаларида ёш оналарга янада имтиёзлироқ шароитларни назарда тутишга эришиш;

Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч тадбирлар тўғрисидаги Конвенцияга асосан, болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари муаммоси тўғрисида жамоатчиликни хабардор этиш ҳамда бу билан курашишни қўллаб-қувватлашга жамоатчиликни сафарбар этиш;

Халқаро меҳнат ташкилотининг 122-Конвенциясига биноан ишлашга тайёр ва иш излаётган барча шахслар учун иш мавжудлигини, бундай иш мумкин қадар маҳсулдор бўлишини, бандликни танлаш эркинлигини таъминлашни амалга ошириш. Ҳар бир ходимда ўзига яроқли бўлган ишни бажариш учун зарур малакага эга бўлиш, бандликнинг ўзи танлаган турида ўз малакаси ва қобилиятларини камситишсиз ишлата олиш учун кенг имкониятлар бўлишига эришиш.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсатини асосий мақсади корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ва ўқувчи ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни касаба уюшма аъзолигига жалб этиш, касаба уюшма фаолларини тайёрлаш ва уларнинг сафини ёшлар билан тўлдириш борасидаги фаолиятини ташкил этиш ҳисобланади.

Ушбу мақсадларга мувофиқ ёшларга оид сиёсатни амалга оширишда касаба уюшма ташкилотларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Федерацияга аъзо ташкилотлар ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўқиш ва меҳнат қилиш, уй-жойга эга бўлиш, ишлаб чиқаришга доир масалаларни ҳал қилишда қатнашиш, етарли даромадга, тўлақонли дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш ҳақидаги қонуний кафолатларини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

ходимларни касаба уюшма фаолиятига ва касаба уюшма аъзолигига жалб қилишга кўмаклашиш, касаба уюшма фаолларини ёшлар ҳисобига тўлдириш, тайёрлаш ва таъминлаш учун касаба уюшма ишларини фаоллаштириш, ёшларнинг ижтимоий фойдали ташаббуслари ва қизиқишларини амалга ошириш мақсадида уларнинг уюшишларига ёрдам бериш, ҳаётий масалаларни ҳал қилиш учун ёшларни ташаббус кўрсатиш ва мустақилликка ўргатиш;

Федерацияга аъзо ташкилотларнинг ёшлар билан ишлаш тажрибасини ўрганиш, оммалаштириш, ушбу ишнинг шакл ва услубларини такомиллаштириш;

касаба уюшмаларининг ёшлар билан ишлаш ва уларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ижтимоий инфратузилмасини (санаторий-курорт муассасалари, спорт иншоотлари ва базалари, дам олиш ва туризм муассасалари, ўқув ва кўнгилочар марказлар, клублар) сақлаш ва ривожлантириш.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсатини мақсади 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар ва касаба уюшма аъзоларини ўз атрофига қамраб олишдир.

Ушбу мақсадда Федерациянинг барча даражадаги касаба уюшма ташкилотларида ёшлар билан ишлаш тузилмаларини ташкил этиш зарур. Ёшлар кенгашлари, комиссиялари раислари ва ташкилотчиларига касаба уюшмалари раҳбарларининг кадрлар заҳираси сифатида қараш тавсия этилади. Ёшлар билан ишлаш тузилмаларини фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашининг асосий вазифасидир. Кенгаш таркиби ҳудудий бирлашмалар, тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашларига қуйи ташкилотлар томонидан тавсия этиладиган 35 ёшдан катта бўлмаган касаба уюшма етакчиларидан иборат бўлиши зарур.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотларнинг ёшлар билан ишлаш тузилмаларининг бутун фаолияти, конкрет масалаларни ҳал қилишда касаба уюшма ташкилотларининг ташаббускорлиги ва мустақиллиги таъминланган ҳолда умумий тамойиллар ва мақсадларга бўйсунади, яхлит тизимга бирлашган ва ўзида ёшларга оид ягона сиёсатни акс эттиради.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид ягона сиёсати давлат органлари ва манфаатдор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда сайлаб қўйиладиган касаба уюшма ташкилотлари органлари, мазкур органлар аппаратларининг тузилмавий бўлинмалари, касаба уюшма ташкилотларининг ёшлар билан ишлаш тузилмалари, касаба уюшмаларининг ўқув ва ижтимоий муассасалари томонидан маҳаллий, минтақавий, тармоқ ва умум давлат даражасида амалга оширилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсати халқаро ва хорижий касаба уюшма марказлари, хусусан Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига ва Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо давлатларнинг тажрибасидан фойдаланиб, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган, ҳамкорлик қилган ва ҳаракат бирлигига таянган ҳолда амалга оширилади.

 

  1. Федерация миқёсида

Давлат бошқаруви органлари билан ишлаш.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг асосий тузилмавий бўлинмалари билан биргаликда Давлат бошқарув органларининг ёшлар ҳуқуқларига тааллуқли масалалар бўйича қарорлари ва тайёрланаётган қонун лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади, экспертизани ташкиллаштиради, янги қонун лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзининг тузатишларини ишлаб чиқади ва таклиф қилади ҳамда Олий Мажлис томонидан уларнинг кўриб чиқилишига эришади.

Уч томонлама музокараларни ўтказишда, Ўзбекистон Ҳукумати билан масалаларни муҳокама қилишда ёшлар ҳуқуқларининг кафолатларини кенгайтиришга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ўртасидаги Бош келишувга ёшлар учун қўшимча кафолатлар албатта киритилишига, уларнинг бажарилишини қатъий назорат қилинишига эришади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшларга оид давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашишни, шунингдек ёшларнинг бепул таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганишини сақлаб қолиш ва таъминлаш, ёшларнинг етарли иш ҳақи тўланадиган ишларга жойлашишига кафолат бериш, ёшларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун шароит яратиш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қонун чиқарувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Ҳукумати ва иш берувчилар ҳамкорликда саъй-ҳаракатларини амалга оширишларига эришишни кўзлайди.

Федерацияга аъзо ташкилотлар билан ишлаш.

Ёшларга оид сиёсатнинг жорий ва истиқболдаги масалаларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо барча ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирмасдан туриб ҳал қилиб бўлмайди. Унинг таъминланишига:

барча касаба уюшмалари ташкилотларида Ёшлар билан ишлаш тузилмаларини тузилиши;

ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Федерацияга аъзо ташкилотларнинг биргаликдаги, ўзаро ҳамкорлик асосидаги тадбирларининг ўтказилиши;

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва унинг Раёсати мажлисларида ёшлар билан ишлашнинг аҳволини мунтазам равишда муҳокама қилиш, ҳар 2 йилда камида бир марта Федерацияга аъзо барча ташкилотларнинг вакиллари иштирокида ёшлар муаммоларига бағишланган Республика миқёсида конференциялар ва форумлар ўтказилиши;

сайлаб қўйиладиган барча касаба уюшма органларида ёшларнинг камида 30 фоизлик вакиллиги кафолатланишини жорий этилиши;

ёшлар билан ишлаш тузилмалари раҳбарларини барча тузилмалардаги касаба уюшма раҳбар органларига сайланиши;

ёшлар кенгашлари (комиссиялари) фаолиятининг молиявий таъминланиши, барча даражадаги касаба уюшмалари бюджетидан ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш учун маблағ ажратилиши;

турли тоифадаги ёшларнинг айрим муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштирилиши;

ишловчи ва ўқувчи ёшларнинг алоҳида тоифалари билан ишлаш бўйича махсус дастурларни, шунингдек ёшларнинг алоҳида жуда ҳам ўткир ижтимоий меҳнат муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиниши орқали эришиш.

Тарғибот ва ташвиқот ишлари.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши бу борада жамиятнинг барча қатламларининг эътиборини ёшларнинг муаммоларига ҳамда касаба уюшмаларининг ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳатти-ҳаракатларига, ёшларнинг ўзини эса касаба уюшма фаолиятига жалб этишга қаратиш лозим деб ҳисоблайди. Мазкур мақсадга эришиш учун:

касаба  уюшмаларининг ёшлар билан олиб бораётган ишларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ва тизимли равишда ёритиш;

“Ишонч”, “Ишонч-Доверие” газеталарида, касаба уюшмалари ҳудудий бирлашмалари маҳаллий газеталарда ёшлар рукнларида мақолалар эълон қилишда давом этиш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган алоҳида рисолаларни чоп этиш ва тарқатиш;

Оммавий ахборот воситалари орқали Федерацияга аъзо ташкилотларнинг ёшлар билан ишлаш бўйича энг яхши тажрибаларини, ёшлар билан ишлаш тузилмалари, ёш касаба уюшма етакчилари ва фаолларининг фаолиятини тарғиб қилиш;

ёшларнинг куч-қувватини, ташаббускорлигини, қизиқишларини бунёдкорлик ишларига йўналтириб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва меҳнатга оид манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида касаба уюшмаларининг аҳамиятини кўрсатиб бериб, уларга бўлган ишончни ошириш ва шу орқали нуфузини кўтариш;

касаба уюшмалари фаолиятига электрон оммавий ахборот воситаларини кенг жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшларнинг оммавий ижтимоий-маданий ва спорт тадбирлари (фестиваллар, танловлар, учрашувлар ва бошқа тадбирлар) ўтказилишини ташкил этиш;

ўрта-махсус ва олий ўқув юртларининг ижтимоий фанлар дастурларига “Касаба уюшмалари ва ижтимоий шериклик”, “Касаба уюшмалари ва ёшлар”, “Касаба уюшмалари кимга ва нима учун керак?” мавзуларига бағишланган махсус дарслар, курслар ва маърузалар киритилишига эришиш зарур.

Касаба уюшма фаолларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш ишлари.

Касаба уюшмаларининг ёшлар билан олиб бораётган ишларининг асоси касаба уюшма фаолларини ўқитиш ва қайта тайёрлашнинг доимий равишда такомиллаштирилиши бўлиши керак. Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши:

янги таълим ва ахборот технологияларидан фойдаланиб ёшлар орасидан касаба уюшма фаолларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар иштирокида ёшлар учун махсус таълим лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек ёшларни касаба уюшмалари тажрибасини ўрганиш учун хорижга стажировка ўташга жўнатиш амалиётини давом эттиради;

ёшларнинг конкрет муаммолари бўйича конференциялар, слётлар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказади;

Федерацияга аъзо ташкилотлардаги ёшлар билан ишлаш тажрибасини ўрганади ва жорий этади, жойларда ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш бўйича конкрет мисолларни тарғиб этади, касаба уюшмаларининг оммавий ахборот воситаларида, шунингдек радио ва телевидениеда ёшлар мавзусини мунтазам равишда ёритиб боради;

Ёшлар билан ишлайдиган халқаро касаба уюшма тузилмалари билан алоқа ўрнатади ва ахборот алмашишни йўлга қўяди.

III. Тармоқ миқёсида

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид ягона сиёсати доирасида Федерациясига аъзо ҳар бир касаба уюшмаси ўзининг тармоқ спецификасини ҳисобга олган ҳолда:

Марказий кенгашлар ўз тузилмасида Ёшлар кенгаши, соҳа бўйича республика бирлашган қўмиталари соҳа ёшлар комиссияси, ҳудудий бирлашган қўмиталар, туман (шаҳар) кенгашлари ёшлар комиссиясини тузиши, аппаратида эса ёшлар ташкилотчисини ёки ушбу ишга масъул бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши билан ҳамкорликни амалга оширувчи ходимни (35 ёшгача бўлган) тайинлаши;

касаба уюшмаси раҳбар органларининг мажлисларида ёшлар билан ишлаш масалаларини кўриб чиқиши, касаба уюшмалари ёш аъзоларининг тармоқ конференцияларини ўтказиши ва уларда энг долзарб масалаларни муҳокама қилиши;

касаба уюшма аъзолигига ёшларни жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бориши;

ёшлар билан ишлаш тузилмаси раҳбарининг касаба уюшмалари раҳбар органларида иштирок этишини таъминлаши;

ёш касаба уюшма ходимларининг профессионал маҳоратларини оширишларини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш чораларини кўзда тутиши, касаба уюшма ишига ўтишни рағбатлантириш, жумладан ижтимоий кафолатлар, бепул таълим ва ихтисос олиш имкониятини беришнинг таъсирчан тизимини яратиши;

тармоқ келишувлари ва жамоа шартномаларига ёшларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган махсус бўлимларни киритиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишга эришиши;

ёшларнинг меҳнат муҳофазасига оид ҳуқуқлари, улар учун белгиланган қўшимча кафолатлар, меҳнат ва дам олиш шароитлари таъминланиши лозимлигини уларнинг онгига сингдирувчи ҳар хил эслатма, қўлланма, тавсиялар ишлаб чиқишда ва бошқа тадбирларнинг ҳар бир корхонада амалга оширилишида фаол иштирок этиши;

ёшларнинг касбий тайёргарлик даражасини ошириши, нормал турмуш кечириши, меҳнат қилиши, ўқиши ва дам олиши учун шароит яратилишига эришиши;

ёшлар билан ишлашда тўпланган тажриба, муаммолар, талаблар ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашини тезлик билан хабардор қилиши;

ёшлар билан ишлаш тузилмалари ва касаба уюшма ташкилотларининг ёшлар билан олиб бораётган ишлари ҳақида тармоқ касаба уюшмалари ва махсус нашрларда материаллар чоп этиши, корхона ва ташкилотларда ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш бўйича конкрет мисолларни тарғиб қилиши;

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашидан олинган ахборотларни тарқатилишини тўлиқ таъминлаши зарур.

  1. Ҳудуд миқёсида

Касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмалари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсати концепцияси доирасида ўз тузилмаларида Ёшлар кенгашларини тузади, аппаратида эса ёшлар ташкилотчисини тайинлайди, ҳудудий (минтақавий) келишувлар ва жамоа шартномаларига “Ёшлар учун қўшимча кафолатлар” бўлимини киритишга эришади, минтақавий ёшлар дастурларини яратиш ва амалга оширишда қатнашади.

Касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмалари:

фаровон турмуш кечириш учун зарур иш ҳақи тўланадиган етарли иш ўринларини яратиш йўли билан ёшларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш;

янги ишга қабул қилинган ёшларни меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказиш, махсус кийим-бош ва пойабзал, якка тартибдаги ҳимоя воситалари, даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланишида касаба уюшмаларига кўмаклашиш;

касаба уюшмалари сафларига ишловчи ва ўқувчи ёшлардан янги аъзоларни жалб қилиш, кўп сонли ёшлар ишлайдиган иқтисодиётнинг янги секторларида бошланғич касаба уюшма ташкилотларини тузиш;

ёшларнинг таълим олиши, ишга жойлашиши, касбий маҳорати ошиши ва бандлигига, кам таъминланган ёш оилалар, ўқувчилар, талабаларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

ёшларнинг оммавий ижтимоий, меҳнат, маданий, спорт ва бошқа тадбирларини уюштиришига, бўш вақтини мазмунли ўтказишига ва дам олишига кўмаклашиш;

ёш касаба уюшма фаолларини тайёрлаш ва ўқитиш;

касаба уюшмаларининг ёшлар билан олиб борадиган ишларини тарғиб қилиш бўйича ҳудудий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ўз дастурларини ишлаб чиқишни амалга оширади.

  1. Бошланғич касаба уюшма ташкилотларида

Касаба уюшмаларининг ёшлар билан ишлашида жиддий ўзгаришларга бу фаолиятни конкрет корхона ва ташкилотларда кучайтирмасдан туриб эришиб бўлмайди.

Шу мақсадда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари:

касаба уюшма қўмиталари ҳузурида ёшлар комиссиялари тузиш ёки 100 нафардан кам ходимларни бирлаштирган касаба уюшма бошланғич ташкилотларида ёшлар ташкилотчисини тайинлаш;

ёшлар комиссияси раислари ёки ташкилотчисини бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларининг ўринбосарлари этиб сайлашга тавсия этиш;

ёшларга оид тармоқ ва ҳудудий дастурларни амалга оширишда қатнашиш;

ёшларни касаба уюшмаларига жалб этиш бўйича фаол иш олиб боришлари;

янги ишга қабул қилинган ёшларни меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказиш, махсус кийим-бош ва пойабзал, якка тартибдаги ҳимоя воситалари, даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланишига эришиш;

жамоа шартномаларига ёшларнинг ижтимоий ҳимоясига оид бўлимни киритишга эришиш ишларини амалга оширади.

Ёшлар комиссиялари ёки ташкилотчилари бутун касаба уюшма ташкилоти билан биргаликда ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал қилиш билан шуғулланадилар.

Both comments and pings are currently closed.

Comments are closed.