Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши тўғрисида Низом

Умумий қоидалар

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши (кейинги ўринларда Ёшлар кенгаши деб юритилади) касаба  уюшмалари ташкилотлари томонидан ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали ўз иқтидор ва истеъдодларини кенг намойиш этишлари учун имкониятлар яратиб бериш борасидаги фаолиятини йўналтириб боради ва мувофиқлаштириб туради.

Ёшлар кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Уставига, Федерация Қурултойи, Федерация Кенгаши ва Раёсат қарорлари ҳамда мазкур Низом асосида амал оширади.

Ёшлар кенгаши фаолиятини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосарларидан бири мувофиқлаштириб боради. Ёшлар кенгаши раиси ва раиси ўринбосарлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланади.

Ёшлар кенгашининг асосий мақсади, йўналишлари ва вазифалари

Ёшлар кенгашининг асосий мақсади – ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини таъминлаш, уларнинг меҳнат муносабатлари бўйича билимларини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали жамиятда ўзларининг муносиб ўрин эгаллашларига,  касаба уюшмалари тизимига ёш кадрларни тайёрлашга кўмаклашишдан иборатдир.

Ёшлар кенгаши ўз мақсадига эришиш учун қуйидаги йўналишлар бўйича тегишли вазифаларни амалга оширади:

5.1. Ҳуқуқий йўналиш:

ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат муносабатларига оид қонун ҳужжатлари, халқаро меҳнат стандартлари, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар қоидалари тўғрисидаги билимларини ошириш;

ёшлар сиёсатини амалга оширишни янада такомиллаштириб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва ваколатли идораларга тақдим этиш;

жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари лойиҳаларининг ёшлар ҳуқуқларига оид масалаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказишда иштирок этиш.

5.2. Ижтимоий-иқтисодий йўналиш:

республикада ёшлар масалаларига оид статистик маълумотларни таҳлил этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бу борада тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ёшларнинг ишга жойлашиши ва иш жойларида қўнимлилиги таъминланиши юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва мониторинг олиб бориш;

мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш ҳамда ушбу маълумотларнинг оммавийлигини таъминлаш;

жамоа келишувлари ва шартномаларига ёшларни қўллаб-қувватлашга оид имтиёзлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ёшларнинг норасмий секторда бандлиги бўйича ўрганишларни амалга ошириш, ўрганиш натижалари асосида уларни расмий секторга ўтказиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ёшлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг тарғиб этишга қаратилган лойиҳа ва акциялар ташкил этиш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.

5.3. Маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва туризм йўналиши:

ёшлар ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, фестиваллар, форумлар ўтказиш ва уларни рағбатлантириш;

корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшлар, таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба, ўқувчилар ўртасида турли спорт тадбирлари, спартакиадалар ташкил этиш, бунда «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги» мусобақаларини ўтказишни кўзда тутиш ҳамда унинг оммавийлигини ошириб бориш;

ёш касаба уюшмалари аъзолари ва уларнинг оилаларини соғломлаштириш масаласида касаба уюшмалари органлари ва иш берувчиларга таклифлар бериш;

касаба уюшмалари фаолиятида фаол иштирок этаётган ёшлар, айниқса, чекка туманлардаги ёшларнинг тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатларини ташкил этиш.

5.4. Ташкилий-тарғибот йўналиши:

ёшларни касаба уюшмалари фаоллари сафига кенг жалб этиш юзасидан турли бўғинларда кўнгиллилар (волонтёрлар) гуруҳларини ташкил этиш;

касаба уюшмаларига аъзо бўлиш тартиби ва унинг афзалликлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш;

касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган кенг кўламдаги ишлар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилаётган имтиёзлар, турли тоифадаги аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, давлат сиёсатини амалга оширишдаги фаол иштироки борасидаги фаолиятини кенг тарғиб этиш, бу борада амалга оширилаётган турли тадбирларга кўнгиллилар (волонтёрлар) гуруҳларини кенг жалб этиш;

касаба уюшмалари фаолиятида фаол иштирок этаётган ёшлар орасидан кадрлар захираси банкини яратиш ҳамда улар орасидан муносибларини тегишли ташкилотларга тавсия этиб бориш;

ёш касаба уюшмалари фаоллари ва етакчилари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш;

ёшлар масалаларига тааллуқли анжуман, конференция, форум, семинар ва давра суҳбатларини ўтказиш;

веб-саҳифа орқали амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш, бу борада оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ёшлар кенгаши ишига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этилишига кўмаклашиш.

III. Ёшлар кенгаши ваколатлари

  1. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсатини амалга ошириш бўйича режалар, дастурлар, тавсиялар ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда унинг амалга оширилишини таъминлайди.
  2. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш, уни янада такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлайди, ташаббуслар билан чиқади.
  3. Ёшлар кенгаши фаолиятида фаол иштирок этаётган касаба уюшмалари фаолларини ҳар томонлама рағбатлантириш, турли лавозимларга уларнинг номзодини таклиф этиш ва қўллаб-қувватлаш, Давлат мукофотлари ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг нишонларига тавсия этиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига таклифлар киритади.
  4. Ёшлар кенгаши ёшлар масалаларини ўрганиш ва таҳлил этиш, унинг натижалари асосида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашидан моддий ва ташкилий масалаларда ёрдам сўрайди.
  5. Ёшлар кенгаши турли тадбирларни ўтказиш давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси логотипи (эмблемаси)дан фойдаланади.
  6. Ёшлар кенгаши аъзоларини ваколатини тасдиқловчи ҳужжат сифатида Кенгаш ўзининг гувоҳнома ва кўкрак белгисини ишлаб чиқиши мумкин. Уларнинг намуна ва тавсифи Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланади.
  7. Ёшлар кенгаши фаолиятининг асосий тамойиллари,
    ташкилий тузилмаси
  8. Ёшлар кенгаши фаолияти адолат, қонунийлик, бирдамлик, ошкоралик, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик, ҳамфикрлилик ва коллегиаллик тамойилларига асосланади.
  9. Ёшлар кенгаши таркиби Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлар ҳамда Федерация Кенгашининг ҳудудий бўлинмалари томонидан 35 ёшгача бўлган касаба уюшмалари фаоллари орасидан бир нафардан вакил йўллаш тамойили асосида ҳамда Федерация Кенгаши Раҳбарияти томонидан тавсия қилинган номзодлардан шакллантирилади.

Ёшлар кенгаши таркиби унинг ташкилий мажлисида тасдиқланади.

Ёшлар кенгашининг раиси, раис ўринбосарлари ва масъул котиби Ёшлар кенгаши аъзолари орасидан сайланади.

  1. Ёшлар кенгашига вакил йўллаш ва вакилларни чақиртириб олиш Федерацияга аъзо ташкилот ва ҳудудий бўлинма кенгашлари Раёсатлари қарори ёки кейинчалик Раёсатда тасдиқлаш шарти билан ёзма тавсия орқали амалга оширилади.
  2. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлар ҳамда Федерация Кенгашининг ҳудудий бўлинмалари Ёшлар кенгашлари таркиби туман (шаҳар) тармоқ касаба уюшмалари, бирлашган касаба уюшмаси ташкилотларининг Ёшлар кенгашлари, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг ёш фаоллари орасидан бир нафардан вакил йўллаш тамойили асосида ҳамда аъзо ташкилотлар, ҳудудий бўлинма кенгаши Раёсати томонидан тавсия қилинган номзодлардан шакллантирилади.
  3. Туман (шаҳар) тармоқ касаба уюшмалари, бирлашган касаба уюшмаси ташкилотларининг Ёшлар кенгашлари таркиби тармоқ касаба уюшмаларининг туман (шаҳар) кенгашлари аъзолари ҳамда ҳудуддаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаоллари орасидан шакллантирилади.
  4. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлар ҳамда Федерация Кенгашининг ҳудудий бўлинмалари, туман (шаҳар) тармоқ касаба уюшмалари ва бирлашган касаба уюшмаси ташкилотларининг Ёшлар кенгашлари доимий ҳаракатдаги орган ҳисобланади.

Улар:

ўз фаолиятини мазкур Низом асосида амалга оширади;

Ёшлар кенгаши қарорлари бажарилишини таъминлайди ва унга ҳисобот бериб боради;

ўз таркибига аъзолар меъёрини белгилайди.

  1. Ёшлар кенгаши ишини ташкил этиш
  2. Ёшлар кенгаши мажлислари заруратга қараб, аммо ҳар ярим йилда камида бир марта ўтказилади.

Мажлис Ёшлар кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.

Ёшлар кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг келиб қолган тақдирда, мажлисга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

  1. Ёшлар кенгаши мажлисига Ёшлар кенгаши раиси раҳбарлик қилади. Раис иштирок эта олмаган тақдирда, мажлисни унинг ўринбосарларидан бири бошқаради.
  2. Ёшлар кенгаши мажлислари оралиғида унинг номидан Ёшлар кенгаши раиси, раис ўринбосарлари ва масъул котиби иш олиб боради.
  3. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятини мажлисда тасдиқлаб оладиган йиллик Иш режаси асосида юритади, зарур ҳолларда Иш режасига қўшимча ва ўзгартишлар киритади.
  4. Ёшлар кенгаши мажлисини чақириш имкони бўлмаган ҳолларда, кечиктириб бўлмайдиган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Ёшлар кенгаши раиси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари билан келишган ҳолда, аъзо ташкилотлар, ҳудудий бўлинмалардаги Ёшлар кенгашларига, Ёшлар кенгаши аъзоларига тегишли топшириқлар йўллаши мумкин.
  5. Ёшлар кенгаши ўз мажлисларида иштирок этиш учун тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, иш берувчилар, жамоат ташкилотлари, шунингдек Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг тегишли бўлимлари вакилларини таклиф қилиши мумкин.
  6. Ёшлар кенгаши ўз мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари ва олимларни жалб этган ҳолда ишчи гуруҳлар, комиссиялар тузиши мумкин.
  7. Ёшлар кенгаши раиси:

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойларида, Федерация Кенгаши, унинг Раёсати йиғилишларида, бошқа жамоат ташкилотларида, иш берувчилар уюшмаларида, давлат ҳокимияти органларида Ёшлар кенгаши номидан иш кўради;

Ёшлар кенгашини чақиради ва мажлисини ўтказади.

  1. Ёшлар кенгаши фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг Ишлар бошқармаси, Федерациясига аъзо ташкилотлар ҳамда Федерация Кенгашининг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
  2. Ёшлар кенгаши мажлисларини тайёрлаш, иш юритиш, баённомалар ва қабул қилинган қарорларни расмийлаштириш Ёшлар кенгаши раиси ўринбосарлари ва масъул котиби томонидан амалга оширилади.
  3. Ёшлар кенгаши фаолияти Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Федерациясига аъзо ташкилотлар ҳамда Федерация Кенгашининг ҳудудий бўлинмалари сметаси доирасида молиялаштирилади.
  4. Ёшлар кенгаши фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўхтатиш
  5. Ёшлар кенгаши фаолиятини қайта ташкил этиш ёки тўхтатиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарорига биноан амалга оширилади.
Both comments and pings are currently closed.

Comments are closed.