Мустаҳкам оила – юрт таянчи

Муҳаммадиева Ойниса,

ЎзМУ Фалсафа факультети, фалсафа фанлари номзоди, доцент.

 

Мавзу:  Мустаҳкам оила   –  юрт таянчи

 

РЕЖА:

1. Оила – юксак миллий қадрият

2. Оила мустаҳкамлигининг ижтимоий-ҳуқуқи асослари

3. «Мустаҳкам оила йили» давлат дастурининг мазмун моҳияти.

 

  1. Оила – юксак миллий қадрият

 Ота-боболаримиз қадимдан оилани муқаддас билишган. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қайд этилганидек, инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Боланинг феъл-атвори, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби маънавий мезон ва қарашлар айнан оила шароитида камол топади. “Оила… ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи”, деб таъкидлайди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов.

Дарҳақиқат,     халқимизда оила билан боғлиқ ўзига хосликни минг йиллар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган қонунлар мажмуасидан иборат, дейиш мумкин. Оила шаъни ва номусини пок сақлаш миллатимизнинг энг улуғ фазилатларидандир. Оила шаъни ва номусини асраш йўлида жон фидо қилишгача борган аждодларимиз жасоратлари тарихий асарлар, адабиётимиз, халқ оғзаки ижоди, санъатимиз орқали бизгача етиб келган. Буюк аждодларимиз ҳаётидаги кўплаб ибратли воқеалар оила билан Ватан муштарак тушунча бўлиб келганлигини исботлайди.

Ватанга тенглаштирилган оиланинг ҳар бирини мамлакат ичидаги митти мамлакат, дейиш мумкин. Уларнинг ҳар бири ўз қувончи, ўз ташвиши билан яшайдиган Ватан ичра Ватандир. Уларни бирлаштириб турадиган бир жиҳат, асосий тамойил бор: у ҳам жамиятимизнинг бир бўлаги сифатида ҳар бир оиланинг давлатимиз ғамхўрлиги ва эътибори билан қамраб олинганидир. Оила йили билан боғлиқ йилларни эслайлик:

Оила билан боғлиқ йиллар:

  •   1998 – “Оила йили”
  •   1999 “Аёллар йили”
  •   2000 “Соғлом авлод йили”
  •   2001 “Она ва бола йили”
  •   2002 “Қарияларни қадрлаш йили”
  •   2007 “Ижтимоий ҳимоя йили”
  •   2008 “Ёшлар йили”
  •   2010 “Баркамол авлод йили”

«Оила – эскилик унсури эмас». У муқаддас, оилада миллат келажаги мужассам. Ёшларни тарбиялаш, камолотга етказиш, илм-ҳунар бериш, уй-жойли қилиш – ўзбек оилаларининг азалий анъаналаридир. Айрим халқлар менталитетида фарзандлар вояга етгач, оиласи, ота-онасини ташлаб, фақат ўз кучи билан мустақил оёққа туриш учун уйини тарк этади.  Ўзи ҳам оила қуриб, фарзанд кўриб, уни катта қилганда – у ҳам авлодлар ворислигига чек қўйиб, оиласини тарк этади.

Ўзбек оилаларида ёшлар учун  шарт-шароит яратилиб, фарзандли бўлгунларига қадар  ота-она ёрдам бериб туради.  Ушбу миллий қадрият оилавий муносабатларда ҳам вужудга келиши мумкин бўлган бегоналашув жараёнини бартараф этади, авлодлар ворислиги учун замин яратади.

Айнан боболар ўгити, отанинг шахсий ибрати, онанинг меҳри орқали тарбия авлоддан авлодга, инсондан инсонга ўтади, онг ва шуурда муҳрланиб боради. Иқтисодий фаровон, ахлоқий, ғоявий – тарбиявий жиҳатдан соғлом бўлган оила негизидаги жамият ва давлат мустаҳкам бўлади. Бундай оилаларда комил инсон вояга етади, унинг туйғулари, тушунча ва дунё қарашида миллий истиқлол ғоялари кенг томир отади.

 

  1. Оила мустаҳкамлигининг ижтимоий-ҳуқуқи асослари:

 Яқинда интернет сайтларнинг бирида шундай маълумот берилган: Европадаги бир давлатда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, эру хотин ўртасидаги ажралишларнинг ярмидан кўпига (52 фоиз) хиёнат сабаб бўлар экан. Иккинчи ўринда ичкиликка ружу қўйиш (45 фоиз), учинчи ўринда эса гиёҳванд моддаларга қарамлик (31 фоиз) қайд этилган. Шунингдек, жисмоний куч ишлатиш, ҳаддан ташқари рашк, моддий қийинчилик ва бефарзандлик ҳам оилаларнинг ажралишига олиб келади. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, ҳозир мазкур минтақада ҳар икки никоҳдан биттаси бекор бўлмоқда. Бундан атиги ўн йил илгари ушбу кўрсаткич ҳар учтадан бирига тўғри келгани ҳисобга олинса, бу жараён қанчалик тезлашиб бораётгани яққол намоён бўлади. Ушбу сўровда иштирок этганларнинг кўпчилиги бунинг асл сабаби ёшлар ўртасида жинсий муносабатларнинг эрта бошланиши, уларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, масъулият ва қийинчиликларга чидамсизлигини таъкидлаган. Ўтган асрнинг 60-йилларида АҚШ ва Европа мамлакатларида рўй берган жинсий эркинликни тарғиб қилишга қаратилган “инқилоб” одамларнинг турмуш тарзини, маънавий-маданий қадриятларни кескин ўзгартириб юборди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ўлим ва ногиронликка сабаб бўлувчи 20 омил орасида алкоголь маҳсулотлари истеъмоли етакчи ўринлардан бирида туради. Дунёда мастлик билан боғлиқ касалликлар ва жароҳатлар туфайли йилига 2,5 миллион одам вафот этади. Уларнинг 320 мингдан ортиғини 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Энг ёмони, ичкиликка ружу қўйган одамдан туғма нуқсонли болалар дунёга келади, натижада оилалар бузилади.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан оиланинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш энг муҳим вазифалар сифатида белгиланди. Ўзига хос миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари эътиборга олиниб, Конституциямизга “Оила” боби киритилди. Бош Қомусимизнинг мазкур бобида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари, фарзандлар, ота-оналарининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган.

Масалан, Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат     муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  63-моддаси:

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  64-моддаси:

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналарига ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  66-моддаси:

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва бошқа қонун, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда ҳам бу қоида ва тартиблар қатъий белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлашда сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш билан бирга, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, инсон саломатлигини зарарли таъсирлардан ҳимоялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом”нинг ижроси, оилаларни мустаҳкамлаш ва соғлом фарзанд туғилишида тиббий кўрикнинг аҳамияти катта эканлигини кўрсатади.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йили 18 май куни имзоланган “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан ёш оилаларни имтиёзли кредитлар асосида уй-жой билан таъминлаш тизими жорий этилди.

2007 йили “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурига мувофиқ, ёш оилаларнинг уй-жой сотиб олиши ва иморат қуриши, рўзғорини бутлашига кўмаклашиш мақсадида тижорат банклари томонидан 57 миллиард 500 миллион сўмлик ипотека ва истеъмол кредитлари ажратилди. Ҳудудларимизда ҳар йили ёш оилалар учун уй-жой қуриш ишларига кўп миллиард сўмлик кредитлар ажратилиб, ўнлаб янги уйлар фойдаланишга топширилмоқда. Биргина 2008 йил – Ёшлар йили муносабати билан 1 минг 300 нафар ёш ўқитувчининг оиласига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилди. Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларни турар-жой билан таъминлаш тизими яратилиб, уларнинг оила қуриб, ҳаётда ўз йўлини топишига катта кўмак берилаётир. Ҳозирда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар кўплаб оилалар турмуш шароитини замонавий талаблар асосида ўзгартирмоқда. Сўнгги икки йилда юртимизнинг барча ҳудудларида 15 мингдан зиёд оила ана шундай ҳар томонлама қулай, замонавий уй-жойларга эга бўлди.

Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2011 йилнинг 5 октабрида қабул қилинган “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ана шундай муҳим ҳужжатлардан биридир. Ушбу қонун юртимиз фуқаролари, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкогол ва тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, унинг салбий оқибатлари ҳақида аҳоли ўртасидаги тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган.

Бугунги кунда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва “Оила” илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ФҲДЁ бўлимлари, Никоҳ уйлари қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни”, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари талабаларига мўлжалланган “Ёш оила қурувчилар мактаби”нинг фаолияти муҳим ўрин тутмоқда.

 

  1. «Мустаҳкам оила йили» давлат дастурининг мазмун моҳияти.

2012 йил Ўзбекистон Республикасида “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 13 декабрдаги Ф-3760-сон фармойиши билан тузилган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ҳамда ноҳукумат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

“Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор” деган инсонпарвар тамойилдан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:

бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш;

ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, шу жумладан қулай ва шинам уй-жой билан таъминлаш, зарур имтиёз ва афзалликлар бериш;

жамиятимиз ва кундалик ҳаётимизда маҳалла институтининг ролини янада кучайтириш ва мақомини ошириш, Мустаҳкам оила йили мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда маҳалла ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари аҳамиятини, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шакллантиришда уларнинг таъсирини кучайтириш, ёш оилаларга зарур кўмак ва ёрдам бериш;

оила, биринчи навбатда, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан ғамхўрликни янада кучайтириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва фарзандларни тарбиялашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, бунда оилани мустаҳкамлашда асосий юкни ўз елкасига олган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш;

“Соғлом она – соғлом фарзанд” тамойилига мувофиқ оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш;

жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш, азалий миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни кенг қарор топтириш, миллий менталитетимизга мутлақо ёт бўлган ва кучайиб бораётган турли хил зарарли таъсирларга қарши туришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини ошириш;

жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш ва шу мақсадда оила институтининг таълим ҳамда тарбия муассасалари билан ўзаро амалий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 27 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш, имтиёз ва имкониятлар яратиш, аввало, шинам уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу вазифалар ижроси тижорат банклари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурига мувофиқ кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 4,5 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Мазкур ресурсларнинг 843 миллиард сўмдан кўпроғини микрокредитлар ташкил этади. Бунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-режаларини имтиёзли шартлар асосида молиялаштиришга 28,3 миллиард сўм, ёш оилаларнинг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 68 миллиард сўмдан ортиқроқ имтиёзли микрокредитлар ажратилади. Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган 40 миллиард сўмдан зиёд кредит кичик тадбиркорлик субъектларининг юқори технологияли ва инновация лойиҳаларини, узоқ ва бориш қийин, меҳнат ресурслари зич туманлар ва шаҳарларда жойлашган микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, хусусан, уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2012-2013 йилларда тижорат банклари маблағлари ҳисобидан замонавий уй-жой қурилиши режалаштирилган. Ёш оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш учун ҳар бир тижорат банкида “Ёш оилаларга – истеъмол кредитлари” дастури тайёрланди. Унга мувофиқ, ёш оилаларга энг кам иш ҳақининг 200 бараваригача 3 йил муддатга узоқ муддат фойдаланиладиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари учун кредитлар ажратилади.

“Мустаҳкам оила йили” давлат дастурида бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” каби қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, республика шаҳарларида ёш оилаларга сотиш учун 2012-2013 йилларда 48 хонадонли 100 та уйларни қуришни назарда тутувчи “Ёш оилаларга турар-жой” дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошмайдиган фоизли ставка бўйича ипотека кредитларини 15 йилгача муддат билан бериш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, жумладан, мебель, мураккаб маиший техника ва бошқаларни харид қилиш учун имтиёзли фоиз ставкаси бўйича, энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдорида уч йилгача муддатга бериладиган “Ёш оилаларга истеъмол кредитлари” дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, таълим муассасалари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан заҳирага бўшатилган ҳарбий хизматчилар ва бошқаларни иш билан таъминлаш учун корхона ва ташкилотларда камида 107 минг иш ўрнини заҳира қилиб қўйиш, камида 16 минг нафар ишсиз ёшларни меҳнатга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, қарийб 52 минг нафар ёшлар учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш, «ZiyoNET» тармоғининг имкониятлари ва ахборот ресурсларидан республика олий ўқув юртлари, лицейлари, коллежлари, мактабларида фойдаланишни янада кенгайтириш, қишлоқ жойларида яшайдиган ёшларимизни Интернет тармоғидан фойдаланишга ўргатиш учун бепул курслар ташкил этиш, кам таъминланган 300 мингта оилани уч каналлик радиоприёмниклар билан бепул таъминлаш чораларини кўриш каби қатор вазифалар белгиланган. Шунингдек, қарорда “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган вазифалар ҳам белгиланган. Чунончи, ота-оналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, педагоглар иштирокида оила, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва маҳалла ҳамкорлиги Жамоат кенгашларини ташкил этиш, улар иштирокида таълим сифатини мунтазам равишда ўрганиш ва унинг белгиланган стандартларга мослиги борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш, таълим муассасаларига бевосита яқин ҳудудда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотилишига йўл қўймаслик мақсадида жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби вазифалар шулар жумласидандир.